Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигида йилнинг энг фаол ёш ходими аниқланди

“Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида Ёшлар ойлиги ташкил этилмоқда. Ана шу муносабат билан бугун Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигида масъуллар иштирокида “Йилнинг энг фаол ёш ходими” кўрик танловининг агентлик доирасида Республика босқичи ўтказилди. Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги тизим ташкилотлари, ҳудудий филиаллар ходимлари юқори савияда ташкил этилган бу танловни видеоконференцалоқа тарзида кузатиб туришди. Тадбирга ОАВ вакиллари таклиф қилинди.

Танлов аввалида ҳакамлар ҳайъати раиси, агентлик бош директори Дилшод Саттаров танлов иштирокчилари ва финал босқичи қатнашчилари Ўзбекистон миллий метрология институтидан Ваҳобжон Нишонов ва Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати марказидан Мавлонжон Мансуровларга омад тилади. Бош директор агентлик томонидан ёш мутахассисларга илмий салоҳиятини ошириб боришлари, турли инновацион лойиҳалар устида ишлашлари шунингдек, ўз салоҳиятларини шу каби танловларда кўрсатишлари учун кенг имкониятлар мавжудлигини таъкидлаб ўтди.

Танловнинг дастлабки босқичида вилоятларда жойлашган ҳудудий филиаллардаги ўнлаб изланувчан, иқтидорли ва ўз касбини севадиган ёш мутахассислар сараланиб, республика босқичида Ваҳобжон Нишонов ва Мавлонжон Мансуровлар турли шартлар бўйича беллашдилар.

Қизғин мунозаралар руҳида ўтган кўрик-танловда Ўзбекистон миллий метрология институти ходими Ваҳобжон Нишонов биринчи ўринга, Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази ходими Мавлонжон Мансуров эса иккинчи ўринга лойиқ деб топилди.

Албатта бундай танловларнинг ўтказилиши ёшларни ўз устиларида ишлашга, изланишга ва янгича ғоялар асосида меҳнат қилишга ундаши билан муҳим аҳамиятлидир.

Матбуот хизмати