Ёқилғи тарқатиш колонкасини давлат қиёсловидан нима учун ўтказилади

Ёқилғи тарқатиш колонкаси нефт маҳсулотларини автомобил бакларига, темир йўл ва автомобил цистерналарига тарқатиш учун мўлжалланган. Колонка электрюритгич, насос, импулслар датчигига эга ҳажм ўлчагичи, дросселли клапан, тарқатиш кранига эга шланг, бошқарув блоки ва индикатордан иборат.

Колонка дросселли клапан ва тарқатиш кранига эга шланг орасида ўрнатилган қўшимча ҳажм ўлчагичи билан жиҳозланган, ҳамда кириш ва чиқиш жойлари беркитиш клапани орқали уланган корпус, орқага қайтадиган  пружина билан корпуснинг ён юзасига маҳкамланган ҳаракатланадиган поршен, корпусдаги поршен ҳолатларининг икки сигнализаторидан ташкил топган. Беркитиш клапани ва сигнализаторлар электр жиҳатдан бошқарув блоки билан уланган. Ҳар бир қуйиш вақтида бу қўшимча ўлчагич дозанинг бошланғич қисмини ўлчайди ва бошқарув блоки бу қийматни колонкани юстирлашда олинган қиймат билан солиштиради. Бу қийматлар фарқининг катталиги бўйича сарф датчиги импулсларининг оғирликка оид қиймати тўғриланади. Колонкадан фойдаланганда дозалашдаги хатолик камаяди.

Ёқилғи тарқатиш колонкаларини ишлаб чиқариш автоматизацияси

Ишлаб чиқариш автоматизацияси – бу машина ишлаб чиқаришни ривожлантиришдаги, илгари одам томонидан бажарилган бошқарув ва текширув функциялари приборлар ва автоматик қурилмаларга узатиладиган жараён. Ишлаб чиқаришда автоматизациянинг жорий этилиши жиддий даражада меҳнат унумдорлигини ва чиқарилаётган маҳсулот сифатини оширишга, ишлаб чиқаришнинг турли соҳаларида банд бўлган ишчилар сонини қисқартиришга имкон беради. Автоматизация воситалари жорий этилгунга қадар жисмоний меҳнатни алмаштириш ишлаб чиқариш жараёнининг асосий ва ёрдамчи операцияларини механизациялаш орқали амалга оширилган.

Интеллектуал меҳнат узоқ вақт давомида механизациялашган (қўлда бажариладиган) бўлиб қолган. Ҳозирги пайтда формаллаштирилиши мумкин бўлган жисмоний ва интеллектуал меҳнат операциялари механизациялаш ва автоматизациялаш объекти бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикасида ўлчашлар бирлилигини таъминлаш масалалари Ўзбекистон Республикасининг “Метрология тўғрисида”ги Қонуни ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Қонуннинг 16-моддасига асосан (ушбу Қонуннинг 14-моддасида кўрсатилган) доираларда фойдаланиладиган, ишлаб чиқарилиши ва импорт бўйича четдан олиб келиниши лозим бўлган ўлчов воситалари давлат синовларидан (кейинчалик уларнинг турини тасдиқлаш шарти билан) ёки метрологик аттестациядан ўтказилиши лозим.

Ўзбекистон Республикасининг “Метрология тўғрисида”ги Қонуни 17-моддасига асосан ўлчаш воситалари турини тасдиқлаш сертификати эътироф этилгандан сўнг, ЎВ Давлат реестрига киритилган ўлчаш воситалари қиёслашлараро интервалга мувофиқ ўрнатилган тартибда қиёслашдан ўтказилиши керак.

 Текширувдан (қиёслашдан) ўтказилиши лозим бўлган ўлчаш воситалари туркумларининг рўйхатига асосан (Адлия вазирлигида 04.05.2016 й. 2782 сон билан рўйхатга олинган)  ёқилғи тарқатиш колонкалари 6 ой муддатга қиёслашдан ўтказилади.

МИ 1864-88 “Ўлчашлар бирлилилигини таъминлаш давлат тизими. Ёқилғи тарқатиш колонкалари. Қиёслаш усулияти”  1.1 бандига асосан ёқилғи тарқатиш колонкалари улардан фойдаланиш жараёнида мажбурий даврий қиёслашдан ўтказилади.