Фирибгарга алданиб қолманг

Кундалик ҳаётда ҳар биримиз табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви каби ресурслар ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказиш масаласи билан тўқнаш келамиз. Лекин кейинги пайтда ушбу жараённинг чўзилиб кетиши, “югур-югур”лари аҳолининг ҳакли эътирозларига сабаб бўлаётир.

Чунки айрим “ҳожатбарорлар» эшикма-эшик юриб, бу юмушни осон битказишни ваъда қилаётгани оқибатида кўплаб содда одамларнинг “чув” тушиб қолиши ҳолатлари ҳам учраб турибди.

Хўш, қиёсловдан ўтказиш тартиби, унинг белгиланган нархи, муддати ҳамда талаблари қандай? Аҳоли бундан хабардорми? Истеъмолчиларни қанақа муаммолар қийнамокда?

“Ўзстандарт” агентлиги томонидан ўтказилган сўров натижалари шуни кўрсатмоқдаки, аксарият юртдошларимиз ҳисоблагичларни қиёсловдан ўтказиш бўйича тўлиқ тушунчага эга эмас.

Мазкур жараённи қайси ташкилот билан, қай тартибда амалга ошириш лозимлигини яхши билишмайди. Биз шу масала хусусида атрофлича сўз юритмоқчимиз.

ТАҲЛИЛ ВА ТАҚҚОС

Сунъий равишда оширилган нарх

— Ўтган йилда агентликнинг Виртуал қабулхонасига ушбу масалага доир кўплаб ариза ва шикоятлар келиб тушди, — дейди “Ўзстандарт” агентлиги “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат корхонаси директори Акбар Даминов. — Уларда, асосан, газ ҳамда сув ҳисоблагичларини таъмирлаш, шунингдек, уларни етказиб берувчи корхоналар вакиллари ёхуд мутлақо соҳага алоқадор бўлмаган шахслар ўзларини “Ўзстандарт” агентлиги ходими”, деб таништириб, хизмат нархларини сунъий равишда оширган ҳолда, 150 мингдан 1 миллион сўмгача баҳо эвазига ҳисоблагичларни қиёслаб бериш хизматини таклиф қилаётгани ҳақида ёзилган.

Шу каби ҳолатлар юзасидан таъмирлаш ва етказиб берувчи корхоналар ходимлари ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилаётганига қарамай, муаммолар ҳануз давом этмоқда. Боз устига, мурожаатларда ҳисоблагичларни қабул қилиб олгандан сўнг уни эгасига қайтариш муддати чўзилиб, сансалорликка йўл қўйилаётгани ҳам баён қилинган. Буларга аниқлик киритиш мақсадида айрим фуқаролар билан шахсан суҳбатлашилди. Таассуфки, муаммоларга кўз юмиб бўлмайди. Биз бундай камчиликларнинг олдини олиш бўйича ҳамкор ташкилотлар билан зарур чораларни кўраяпмиз. Мақсад тамагирлик ва фирибгарликнинг олдини олишдир.

Йўл-йўриғи қандай?

— Газ, сув ва электр энергияси ҳисоблагичларини қиёсловдан ўтказиш қоидалари Ўзбекистон Республикасининг “Метрология тўғрисида”ги ҳамда “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлари ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар билан мустаҳкамланган, — дейди “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат корхонаси директори ўринбосари Лазизбек Саидорипов. — Қолаверса, “Ўзстандарт” агентлиги томонидан мажбурий текширувдан (қиёслашдан) ўтказилиши лозим бўлган ўлчаш воситаларининг рўйхати тасдиқланиб, Адлия вазирлигида рўйхатга олинган. Шунга кўра, аҳоли яшайдиган хонадонларда ўрнатилган маиший газ, сув ҳамда электр энергияси ҳисоблагичлари ҳар 4 йилда бир маротаба, саноат газ ва сув ҳисоблагичлари эса 2 йилда бир маротаба қиёслашдан ўтказилиши лозим.

Қиёслашнинг барча жараёнида амалга ошириладиган ишлар учун масъуллар белгиланган. Бугунги кунда “Тошкент электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан махсус лаборатория ташкил этилган бўлиб, у ерда “Ўзбекистон миллий метрология институти» ДК ходимлари билан биргаликда электр ускуналарининг қиёслаш ишлари бажарилиб, сўнг хонадонларга қайтадан ўрнатиб берилмоқда.

Ҳозирги пайтда аҳоли учун қулайлик яратиш, яъни ортиқча вақт ҳамда маблағ сарфламасликлари учун республика ҳудудларида 30 дан ортиқ маиший ўлчаш воситаларини давлат қиёслашидан ўтказиш шохобчалари фаолияти йўлга қўйилган. Тошкент шаҳри миқёсида “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат корхонасининг Олмазор, Чилонзор, Мирзо Улуғбек ва Яккасарой туманларида ҳисоблагичларни қабул қилиш бўлимлари ташкил этилган.

Хизмат ҳақи ҳам, тартиб ҳам қатъий

 Маиший ҳисоблагичларни “Ўзстандарт” агентлиги тизимидаги корхоналаргина давлат қиёслашидан ўтказиш ҳуқуқига эга. Хизмат ҳақи эса у қадар баланд эмас. Масалан, бугунги кунда пойтахтимизда газ ҳисоблагичларини қиёслаш нархи 4 минг 260 сўм, сув ҳисоблагичларини қиёслаш 5 минг 964 сўм, бир фазали электр ҳисоблагичларини қиёслаш 25 979,4 сўм этиб белгиланган.

Қоидага кўра, амалдаги сув, газ ҳамда электр ҳисоблагичларининг қиёслаш даври тугашидан камида бир ой олдин таъминотчи корхоналар томонидан ҳисоблагични навбатдаги қиёслашдан ўтказиш лозимлиги ҳақида хабарнома тақдим этилиши керак. Ушбу хабарномани хонадон эгаси қабул қилиб олганидан сўнг у таъминотчи корхонага ариза билан мурожаат этади. Шу асосда таъминотчи корхонанинг масъул ходими келиб, ҳисоблагични ечиб олади ва бу ҳақда уч нусхада далолатнома расмийлаштиради. Қиёслашдан ўтказиш ишлари ҳисобга олиш прибори ечиб олингандан сўнг 15 кун ичида якунланиши лозим.

Ҳисобга олиш асбоблари ечиб олинганидан сўнг ваколатли ходим қиёслашдан ўтказиш ишлари давом этадиган даврга истеъмолчининг электр, газ ҳамда сув қурилмаларини тармоққа тўғридан-тўғри, ҳисобга олиш приборисиз улаб қўяди. Бундай ҳолатларда фойдаланилган энергетик ресурслар учун тўлов қонун хужжатларида белгиланган миқдорда амалга оширилади.

— Бугунги кунда юқорида қайд этилган муаммоларнинг олдини олиш мақсадида бир қатор ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда тегишли ташкилотлар билан келишиш жараёни давом этмокда, — дейди “Ўзбекистон миллий метрология институти” ДК электр ва магнит катталикларни ўлчаш лабораторияси бош мутахассиси Жалолхон Орифхонов. — Шулардан бири қиёслаш ишларини ташкиллаштиришда аҳолига қулай бўлган янги тизимни жорий этиш, яъни маиший сув ҳисоблагичларни қиёслаш мақсадида ечиш, ўрнатиш ва таъмирлашда истеъмолчи томонидан амалга ошириладиган тўловларни оптималлаштириш орқали унинг шаффофлигини таъминлаш масаласидир.

Бу истеъмолчиларни ортиқча сарсонгарчиликдан халос этади. Янги тизимни яратиш борасида “Ўзстандарт” агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, “Ўзбекэнерго” ҳамда “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятлари, “Ўздавнефтгазинспекция”, “Ўздавэнергоназорат” инспекцияси каби мутасадди ташкилотлар билан биргаликда тегишли чоралар кўрилаяпти.

Ҳалқ сўзи муҳбири – Р. ОТАМУРОДОВ.
№30 2018 йил 14 февраль