Янги Қонун мамлакатимизда метрология соҳасининг халқаро тамойиллар асосида ривожланишига хизмат қилади

Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлисида “Метрология тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланган эди. Давлатимиз раҳбари мазкур Қонунни имзолади.

Бугун мамлакатимизда метрологик хизматларни амалга оширишнинг шаффоф, соддалаштирилган интерактив тартиб-тамойиллари тўғри ташкил қилинмаганлиги, жумладан саноат тармоқларини калибрлаш ҳамда ижтимоий соҳада метрологик таъминот бўйича тизим мавжуд эмаслиги соҳада қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, соҳада хусусий сектор улушининг камлиги, метрологик лабораторияларни модернизация қилиш, саноат тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳалардаги метрологик таъминотни яхшилаш имконини бермаяпти.

Мазкур янги таҳрирдаги “Метрология тўғрисида”ги Қонун эса юқорида санаб ўтилган камчиликларни бартараф этиш ва мамлакатимизда метрология соҳасининг қонунчилик асосларини янада мустаҳкамлаш, уни ҳозирги замон талаблари асосида ривожлантириш ва бу борада истиқболдаги устувор вазифани белгилашга қаратилган.

Биринчидан, метрология соҳасида фаолият олиб борувчи субъектлар сифатида Вазирлар Маҳкамаси, давлат органлари ва юридик шахслар метрология хизматларининг ушбу соҳадаги ваколатлари мустаҳкамланган.

Иккинчидан, ўлчаш воситаларини калибрлаш бўйича давлат-хусусий шериклик асосида метрология хизматлари ташкил этилиши мумкинлиги белгиланган.

Учинчидан, саноатга юқори технологияларни жадал киритиш ва уларнинг аниқлигини тизимли таъминлаш ишларини амалга ошириш мумкин бўлган доиралар кенгайтирилган.

Тўртинчидан, метрологик текширувни амалга оширишда фойдаланиладиган ўлчаш воситаларини қиёслаш, калибрлаш, ўлчашларни бажариш ва синов воситаларини аттестация қилиш усуллари киритилган.

Бешинчидан, халқаро ҳужжатлар қоидаларига уйғунлаштириш мақсадида янги “қадоқланган товар” термини киритилиб, давлат метрология текшируви ва назорати “қадоқланган товарлар” деб номланган янги объект билан, шунингдек қадоқлаш ва сотишда уларнинг миқдори устидан давлат метрология назоратини тартибга соладиган янги модда билан тўлдирилган.

Олтинчидан, давлат метрологик текширув ва метрологик назоратни қандай ҳолатларда, қандай кўринишда, ким томонидан ўтказилишига оид алоҳида норма белгиланган.

Еттинчидан, ўлчаш ва синов ўтказишда иштирок этмайдиган бошқа техник воситаларни метрологик текширувдан ўтказиш бўйича аниқ мезонлар белгилаб қўйилган.

Шу билан бирга, Қонунда метрология фаолиятини амалга оширишда хусусий секторнинг улушини ошириш, инвестициявий лойиҳаларни соҳага кенгроқ жалб қилиш, аҳолига сифатли метрологик хизматлар кўрсатишни таъминлашнинг асосини белгиловчи нормалар билан тўлдирилган.

Мазкур Қонун метрология соҳасини халқаро тамойиллар асосида ривожланиши, фуқароларнинг ҳаёти ва саломатлигини ҳимоя қилиш, атроф-муҳитни, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилишга, қолаверса, давлат мудофааси ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида фойдаланиладиган ўлчашнинг холис, ишончли ва қиёсланадиган натижаларига бўлган фуқаро, жамият ва давлатнинг эҳтиёжини қондиришга кўмаклашади.

Баҳодир ТОЖИЕВ,
Олий Мажлис Сенати
Аграр, сув хўжалиги масалалари ва
экология қўмитаси раиси.

маънба:“Халқ сўзи”-“Народное слово” газеталари таҳририяти