Халқаро ҳамкорликни кенгайтириш. Олдинда Осиё Тинч океани минтақаси, Япония.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг 2019−2021 йилларда инновацион ривожланиш стратегиясига мувофиқ иқтисодиётнинг турли соҳаларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган. Ушбу инвестиция лойиҳалари доирасида зарур замонавий технологик ускуналар ва приборлар, шу жумладан технологик жараёнларда чиқарилаётган маҳсулотнинг миқдор ва сифат жиҳатдан текширувини ўтказиш учун мўлжалланган ўлчаш воситаларини етказиб бериш кўзда тутилган.

Шу туфайли белгиланган лойиҳа ва тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш мақсадида жорий йил  11 февралдан 21 февралгача даврда Ўзбекистон миллий метрология институти («ЎзММИ» ДК)  мутахассисларидан ташкил топган ишчи гуруҳ ўлчаш воситалари турини тасдиқлаш мақсадида синовдан ўтказиш ишларини амалга ошириш учун Япониянинг Кофу ва Коминэ шаҳарларидаги Yokogawa Electric Corporation компаниясининг ишлаб чиқариш лабораторияларида ишчи ташриф билан бўлди

Шуни таъкидлаш керакки, давлат текширувининг ушбу тури мажбурий процедура бўлиб, унинг воситасида ишлаб чиқарувчи прибор ушбу процедурадан ўтганлигини, метрология қонун ҳужжатларининг қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда тайёрланганлигини кафолатлаши мумкин. Турини тасдиқлаш мақсадида ўтказиладиган синовдан муваффақиятли ўтган маҳсулотга тегишли белги берилади ва у давлат реестрига киритилади. ЎВ турини тасдиқлаш сертификатининг амал қилиш муддати сериявий ишлаб чиқаришда 5 йилни ташкил этади.

Кўрсатилган хизмат сафари доирасида Осиё Тинч океани давлатлари метрологик дастурининг (APMP) котибияти номидан Тошиюки Такацужи ва Такехиро Мориока билан учрашув ташкил этилди. Ушбу ташкилот ўзидан, аъзо-лабораториялар ўртасида тажриба алмашиш йўли билан ва техник хизматлар билан алмашиш орқали минтақавий метрологик потенциални яхшилаш билан шуғулланувчи Осиё Тинч океани минтақасининг миллий метрология институтлари гуруҳини ифодалайди. APMP Халқаро ўлчов ва тарози қўмитаси (CIPM) томонидан тан олинган, фаолияти калибрлаш ва ўлчаш сертификатларини ўзаро эътироф этишга қаратилган Минтақавий метрология ташкилоти (RMO) ҳисобланади.

APMP вазифаси Осиё Тинч океани минтақасида, халқаро савдога ёрдам берадиган, саноат самарадорлиги ва рақобатбардошлилигини оширадиган ўлчаш инфратузилмасини илгари суриш ва қўллаб-қувватлашдан иборат.

Ҳозирги пайтда «Ўзстандарт» агентлигининг ҳуқуқий экспертиза ва халқаро муносабатлар бошқармаси билан биргаликда «ЎзММИ» ДК томонидан APMP ассоциациялашган аъзоси мақомини олиш масаласи ўрганиб чиқилди. APMP ассоциациялашган аъзоси мақоми, Ўзбекистон  Республикаси  миллий метрология институти сифатида «ЎзММИ» ДКга APMP ўлчаш турлари бўйича техник қўмиталарининг йиғилишларида қатнашишга, Осиё Тинч океани минтақасининг миллий метрология институтлари билан тажриба алмашиш орқали техник билимлар даражасини оширишга, шунингдек минтақадаги стратегик ҳамкорлар билан халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга имкон беради.

APMP фаолиятида 37та давлатнинг миллий метрология институтлари (ихтисослашган институтлар) иштирок этади, ташкилот котибияти Япониянинг Цукуба шаҳарчасида (илмий шаҳарча) жойлашган.

Учрашув якунларига кўра ташкилот фаолиятига оид масалалар муҳокама қилинди, Ўзаро англашув тўғрисида меморандум имзолаш (тадбир жойи ва санаси), техник қўмиталар ишида иштирок этиш йўли билан самарали ҳамкорликни давом эттириш, CIPM MRA Келишувини амалга ошириш учун калибрлаш ва ўлчаш натижаларининг эътироф этилишини таъминлаш бўйича келишувларга эришилди.

Шунингдек ташриф доирасида Япония Миллий Метрология Институти (NMIJ) раҳбарияти, лаборатория мудирлари ва ходимлари билан учрашувлар бўлиб ўтди. NMIJ Техника фанлари ва технологияларни ривожлантириш миллий институти (AIST) таркибига киради ва Цукуба ш. жойлашган. Ходимлар кимё, физика, машинасозлик, биотехнологиялар, электр соҳаларида ўлчашлар билан шуғулланадиган 315та тадқиқотчидан иборат.

Учрашув борасида NMIJ директори д-р Такаши Усуда  институт фаолияти, эталон ва стандарт намуналар ҳақида презентация, шунингдек APMP доирасида ўтказиладиган лабораториялараро солиштириш натижалари ҳақида ахборот тақдим этди.

NMIJ APMP аъзоси бўлганлигини ҳисобга олган ҳолда д-р Такаши Усуда  «ЎзММИ» ДКнинг Осиё Тинч океани давлатлари метрологик дастури (APMP) фаолиятида ассоциациялашган аъзо мақомида иштирок этиш ниятини қўллаб-қувватлади, ва Техник қўмиталарнинг йиғилишларида, катталик бирликлари эталонларини солиштиришларда, шунингдек APMP Бош Ассамблеяси йиғилишларида фаол иштирок этишини тилаб қолди.

Мунозаралар натижасида NMIJ ва «ЎзММИ» ДК ўртасидаги ҳамкорликни давом эттириш масаласини ўрганиб чиқишни бошлаш, шунингдек APMP фаолияти доирасида бир-бирини ўзаро қўллаб-қувватлашни амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Ташриф якунида NMIJ масса, босим, ҳарорат ва электр эталонлари лабораторияларига таништириш саёҳати ташкиллаштирилди.