Тошкент давлат техника университети бир гурух битирувчи талабалари ва Ўзбекистон миллий метрология институти ҳодимлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 12 июл куни Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети биносида универститетнинг битирувчи талабалари ва Ўзбекистон миллий метрология институти ҳодимлари иштирокида очиқ мулоқот шаклидаги учрашув бўлиб ўтди. Учрашувни “Метрология, стандартлаштриш ва сертификатлаштириш” кафедраси мудири профессор П.М. Матякубова очиб берди. Сўнгра, Ўзбекистон миллий метрология институти директори ўринбосари Л.С. Саидорипов сўзга чиқиб,  метрология институти томонидан амалга оширилаётган ва амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар мазмуни билан сўзга чиқди. Шундан сўнг, “Калибрлаш ва ўлчаш хизматлари маркази” бош мутахассиси Ж.Н. Носиров презентация кўринишида Ўзбекистон миллий метрология институтининг тарихи, ҳозирги кундаги ҳолати ва 2023 йилгача амалга оширилиши кутилаётган долзарб масалалар билан чиқиш қилди.

Шунингдек, ушбу учрашувда Стандартлар институти директори Г.Н. Газиев ҳам сўзга чиқиб, “Ўзстандарт” агентлиги тизимида ҳозирги кунда олиб борилаётган ислоҳотлар, ёшларга ҳукумат томондан яратилаётган имкониятлар ҳамда чет давлатларида таҳсил олаётган ўзбек ёшлари ҳақида фикирлари билан ўртоқлашди.

Шундан сўнг, университет талабалари ўзларини қизиқтирган саволлари билан мурожаат қилишди.

Шунингдек, “Электроника ва автоматика” факултети декани, физика-математика фанлари номзоди Х.Ф. Зикриллаев сўзга чиқиб, универститетда амалга оширилаётган ишлар ҳақида қисқача нутқ сўзлади.

Ушбу кунда универститетнинг ўқувa ишлари бўйича проректори О.О. Зарипов билан ҳам учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида икки томонлама келишувга асосан, университетда таҳсил олаётган талабаларни амалий билимларини шакллантириш мақсадида ЎзММИ лабораториялари ва тажрибали мутахассисларидан фойдаланган ҳолда ўқув-амалиёти соатларини ташкил этиш фикри билдирилди.

Бу каби учрашувлар янги ўқув йилида ҳам янада каттароқ аудиторияда амалга оширилиши кераклиги, иқтидорли ва билимли талабаларни рағбатлантириш, уларни илмий лойиҳаларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масалаларини ўрганиб таклиф киритиш айтиб ўтилди