Парламентда ҳукумат ҳисоботи эшитилди. Ички автомобиль йўлларининг ҳозирги ҳолати танқид остига олинди

2019 йил 1 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида шундай муҳим тадбирлардан бири бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2019 йил биринчи ярмида бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботи парламентда эшитилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарига кўра, ҳисоботни Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов тақдим этди.

Ҳукумат ҳисоботи юзасидан ҳар бир сиёсий партия фракцияси ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари ўз нуқтаи назарини баён қилди. Жумладан, халқ вакиллари Давлат дастуридаги жами 139 та банддан 23 таси (16,5 фоизи)нинг ижроси тўлиқ таъминланмаганини асосли танқид қилдилар. Хусусан, қонун ҳужжатларини тайёрлаш ва қабул қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, иқтисодий фаолиятдаги давлат иштирокининг аниқ чегараларини белгилаш, 2030 йилгача урбанизацияни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бугунги кунга қадар қабул қилинмаган. Давлат дастурида назарда тутилган қатор қонун лойиҳалари устида олиб борилаётган ишларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, уларни ўз вақтида ва пухта ишлаб чиқиш, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишиш, парламент қуйи палатасига кўриб чиқиш учун киритиш борасидаги ишлар етарли даражада йўлга қўйилмаган. Натижада «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги, «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги, «Дипломатик хизмат тўғрисида»ги, Солиқ кодексининг янги таҳририни тасдиқлаш каби қонун лойиҳаларини белгиланган муддатларда тайёрлашда қатор муаммолар юзага келмоқда.

Дастурнинг 155-бандида белгиланган давлат тиббиёт муассасаларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, хусусан, 16 та тумандаги тиббиёт муассасаларини «ҳар бир даволанган ҳолат» учун клиник-харажат гуруҳлари бўйича ва киши бошига молиялаштириш механизмларини жорий этиш бўйича самарали чора-тадбирлар кўрилмаяпти. Аҳолига кўрсатилаётган онкологик тиббий хизмат сифатини ошириш ва профилактик тадбирлар қамровини кенгайтиришга йўналтирилган Давлат дастури доирасидаги амалий чора-тадбирлар ҳам ҳанузгача якунига етказилмаган.

Ички автомобиль йўлларининг ҳозирги ҳолати, уларни таъмирлаш ҳамда сақлаш ишларининг талаб даражасида эмаслиги танқид остига олинди. Давлат дастурининг 178-бандига мувофиқ шаҳар кўчалари ҳамда бошқа аҳоли пунктларининг ички йўлларини капитал ва жорий таъмирлашга қаратилган амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Бугунги кунда Давлат дастурининг 256-бандида назарда тутилган ташқи транспорт, логистика тизимини ривожлантириш, логистика марказларини такомиллаштириш, юк оқимини бошқаришга замонавий усулларни ва техник воситаларни жорий этишга етарлича эътибор қаратилмаяпти. Шунингдек, айрим вазирликлар томонидан пахта, ғалла, мева-сабзавот ва бошқа йўналишлардаги кластерлар фаолиятини ҳар томонлама ривожлантириш, 2019-2024 йилларда мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш миллий дастурини ишлаб чиқиш, ҳудудларда «инвестиция хаб»ларини ташкил этиш борасидаги ишлар якунига етказилмаган.

Депутатлар ҳар бир банд, белгиланган вазифанинг таг-замирида халқимизнинг турмуш шароитини яхшилаш, одамларнинг давлатдан рози бўлиб яшашига эришишдек муҳим мақсадлар тургани, шу боис, уларнинг ижросини кечиктирмасдан, ўз вақтида адо этиш ҳал қилувчи аҳамият касб этишини қайд этдилар. Шу маънода, тақдим этилган ҳисобот материалларида Давлат дастурида ижро муддати «йил давомида» деб белгиланган «Моддий маданий мерос объектларининг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш» (188-банд) «Тарихий шахслар ва миллий образлар акс этган анимацион фильмлар яратиш» (192-банд) ва бошқа бир қатор бандлар ижроси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, ушбу масалаларга ҳам жиддий эътибор қаратиш лозимлигини қайд этдилар.

Ўз навбатида, Ҳукумат вакили бугунги кунда жамиятда долзарб бўлиб турган, ижтимоий тармоқларда жамоатчилигимиз томонидан қизғин муҳокама қилинаётган бир қатор муҳим масалалар, хусусан, транспорт воситаларининг орқа ва ён ойналари тусини ўзгартириш, кундуз куни автомобилларнинг чироғини ёқиб юришга доир муаммоларни ҳал этиш масаласи бир неча ой аввал депутатлар томонидан кўтарилганини мамнуният билан таъкидлаб, кўчмас мулк ва турар-жойларни бузиш билан боғлиқ муаммолар хусусида ҳам тўхталиб ўтди. Айниқса, кўчмас мулкларни бузиш борасида Президентнинг тегишли Фармони, Вазирлар Маҳкамасининг қарори талаблари жойларда маҳаллий ҳокимликлар томонидан етарлича бажарилмаётганини таъкидлаган Ҳукумат вакили ушбу масалалар Вазирлар Маҳкамасида атрофлича ўрганилиб, ижобий ҳал этилгани, айрим масалалар, жумладан, “тонировка” масаласи бугун-эрта тўлиқ ҳал этилиши юзасидан амалий чоралар ишлаб чиқилганини маълум қилди. Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов бу каби долзарб масалаларни ҳал қилишда Парламент аъзоларини яқин ҳамкорликда фаолият кўрсатишга чақирди.

Тадбирда депутатлар томонидан жорий йилнинг III чорагида Давлат дастурининг ижроси устидан тизимли равишда мониторинг ўрнатиш, парламент назоратининг барча шаклларидан унумли фойдаланиш лозимлиги қайд этилди. 

манба: kun.uz