Метрология: замон талабига мувофиқ қадам

Айни пайтда барча жабаҳаларда бўлгани каби метрология соҳасида ҳам муҳим ўзгаришлар, халқаро талаб меъёрларига кўра ривожланиш кўзга ташланади. Хусусан, “Метрология тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қонун ҳужжатларини метрология соҳасидаги халқаро ҳужжатлар талабларига мувофиқлаштириш ва Қонун нормаларини халқаро талаблар билан, хусусан Халқаро Қонунлаштирувчи Метрология Ташкилотининг D1 “Метрология бўйича қонун элементлари” халқаро ҳужжати (III боб) ва ўлчашлар бирлилигини таъминлаш соҳасидаги асос бўлувчи давлатлараро ҳужжатларнинг қоидаларига уйғунлаштириш мақсадида ишлаб чиқилди.

“Метрология тўғрисида”ги амалдаги Қонуннинг кейинги моддалари бир хилда талқин қилинишини таъминлаш учун асосий тушунчалар “давлат метрология хизмати”, “метрологик кузатувчанлик”, “ўлчашлар аниқлигининг кўрсаткичи” каби терминлар билан тўлдирилмоқда. Бундай терминлар киритилиши билан “ўлчаш воситаларини қиёслаш” ва “метрология хизмати” ибораларининг таърифи ўзгартирилмоқда.

Бундан ташқари, ўлчаш бирлигини таъминлаш соҳасида фаолият олиб бораётган субъектлар, хусусан давлат метрология хизмати, давлат бошқаруви органларининг метрология хизматлари ва юридик шахслар метрология хизматлари томонидан метрология назоратини ўтказиш ҳуқуқлари белгиланмоқда. Шунингдек, алоҳида моддаларда метрология хизматларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари мустаҳкамланмоқда.

Айниқса қонун меъёрларини метрология соҳасидаги халқаро ҳужжатлар қоидаларига уйғунлаштириш мақсадида янги “қадоқланган товар” термини киритилмоқда, давлат метрология текшируви ва назорати “қадоқланган товарлар” деб номланган янги объект билан, шунингдек ҳар қандай турдаги ўрамларга қадоқланган товарларни қадоқлаш ва сотишда уларнинг сони устидан давлат метрология назоратини тартибга соладиган янги модда билан тўлдирилмоқда.

Шунингдек, 2018 йилга қадар Ўзбекистон Республикаси миллий эталон базасида юқори аниқликдаги ўлчов воситаларини кузатувчанлигини ва метрологик назоратни таъминлаш мақсадида қўлланиладиган 12 дона эталонлар мавжуд бўлиб, мазкур миллий эталонлар ёрдамида Республиканинг машинасозлик, соғлиқни сақлаш, тоғ-кон, металлургия, авиасозлик, енгил саноат, атом энергетикаси, кимё саноати каби соҳаларда 511дан ортиқ юқори аниқликдаги ўлчов воситаларнинг метрологик назорати таъминланади.

Бироқ, техник имкониятлар мавжуд эмаслигидан келиб чиққан ҳолда
1144 дона намунавий ўлчаш воситалари (76 дона “Ўзстандарт” агентлиги бўлинмалари ва 1068 дона корхоналар томонидан) кузатувчанликни таъминлаш мақсадида хорижий метрология институтларига калибрлашга олиб чиқилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 апрелдаги ПҚ-2935 сонли қарорига асосан саноатнинг эхтиёжларини кенгроқ қамраб олиш мақсадида 2018-2022 йиллар даврида жами 5 808 минг АҚШ доллар қийматли 21 дона эталонлар харид қилиниши кўзда тутилган. Бу эса ўз навбатида қўшимча 2122 дона намунавий ўлчов воситалари устидан метрологик назоратни қамраб олишга имкон яратади.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида, 2018 йилда қиймати 754 490,13 минг АҚШ доллар бўлган 5 дона (“Намунавий куч ўлчаш ускунаси”, Абсолют босим бирлиги” ва “Босим (ортиқча) бирлиги”, “Эталон мақсадида фойдаланилувчи платинали қаршилик термометрлари” ва “Штрихли узунлик ўлчовини аттестатлаш намунавий интерфренцион қурилмаси”)  эталонлар харид қилиниб, лабораторияларга ўрнатилди. Бундан ташқари, қиймати 1 685 минг АҚШ доллар бўлган 2019 йилда 4 дона (“Кельвин – ҳарорат бирлиги эталони”, “Ёруғлик кучи, ёритувчанлик ва ёрқинлик бирлиги эталони”, “Суюқлик ҳисоблагичлари — автоматлаштирилган сарф ўлчов воситаларини қиёслаш қурилмаси” ва “Фотометрик ўлчашлар учун намунавий қурилма”) эталонларни харид қилиш бўйича ишлар амалга оширилаётир.

Қўшимча равишда, “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат корхонаси 16 та ўлчаш йўналишлари бўйича калибрлаш хизматларига аккредитация доирасини кенгайтирган бўлиб, ҳозирги кунда қўшимча 62 дона (жами 78 дона) ўлчаш йўналишлари бўйича калибрлаш хизматларига аккредитация доирасини кенгайтириш масаласи бажарилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Ўлчов ва тарозилар бош конференциясининг ассоциациялашган аъзоси мақомини олиш мақсадида 2018 йил
2 ноябрь куни Франциянинг Версаль шаҳрида “Ўзстандарт” агентлиги ва Халқаро ўлчов ва тарозилар бюроси ўртасида “Миллий ўлчаш эталонлари ҳамда миллий метрология институтлари томонидан бериладиган калибрлаш ва ўлчаш сертификатларининг ўзаро эътироф этилиши тўғрисида” келишув (CIPM MRA) имзоланди.

Бунда халқаро ўлчов ва тарозилар бюроси билан ҳамкорлик қилиш ва Миллий ўлчаш эталонлари ҳамда миллий метрология институтлари томонидан бериладиган калибрлаш ва ўлчаш сертификатларининг ўзаро эътироф этилиши тўғрисидаги Келишувнинг амалга оширилишида эришиладиган жиҳатлар кўп. Масалан, маҳаллий маҳсулотни чет элга етказиб беришда ўлчаш ва синов натижаларининг эътироф этилиши, савдода техник тўсиқларни бартараф этиш, шунингдек ҳар йили давлатлараро, халқаро ва хорижий мамлакатларнинг миллий эталонлари билан солиштиришлар ўтказиш имкони (маълумот учун: ILAC талабларига асосан, кузатилувчанлик таъминланишини исботлаш учун Давлат метрологик муассасаларнинг Евро-осиё ҳамкорлиги (КООМЕТ) доирасидаги солиштиришларда мунтазам равишда иштирок этиш зарур) ва ҳоказо.

Яна буни натижасида маҳаллий корхоналарнинг хорижий метрология институтларига тобелигини камайтириш (маълумот учун: 2012-2017 йй. давомида калибрлашга 7 бирламчи эталон ва 387 намунавий ўлчаш воситалари олиб чиқилган бўлиб, деярли 260 минг АҚШ доллари сарфланган. Асосий солиштиришларда иштирок этиш ушбу харажатларнинг олдини олишга имкон яратади), етакчи иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳалар, фан ва мамлакат мудофаасининг ўлчашлар бирлилигини таъминлашдаги  эҳтиёжларининг қопланиши, солиштиришлар ўтказилишида вақтинчалик харажатларни қисқартириш, хом ашё, ресурслар, материаллар, маҳсулотлар миқдори ва сифатини ишончли баҳолашни амалга ошириш мақсадида бажариладиган ўлчашлар аниқлигининг оширилиши, ўлчаш натижаларининг ЎВ бирликларига кузатилувчанлигини таъминлаш каби ижобий силжишлар кузатилади.

Хулоса қилиб айтганда, айнан метрология соҳаси жаҳон стандартларига мослашиш орқали дунёда ўзига хос нуфуз касб этади. Бу борада эса салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

ЎзММИ матбуот хизмати