Интелектуал ечимга эга ўлчаш воситаси (ихтиро) метрологик текширувдан ўтказилди

Аввалроқ сайтимиз орқали “Илмий изланишлар ўз натижасини бермоқда” номи остида ёритилган мақолада айтилган маълумотлар ўз тасдиғини топмоқда.

2020 йил май ойида инновацион ғояларни амалиётда қўллаш асосида NJ977 туридаги ақлли энергетика қурилмасининг илк намунаси муаллиф Ўзбекистон миллий метрология институти ёш ходими Нурмухамедов Нажмиддин Камалитдинович томонидан ишлаб чиқилди.

Қурилмани тўлиқ имкониятлари, техник кўрсатгичлари ва метрологик хоссалари махсус лабораторияларда синовлардан ўтказилди. Синовлар натижаларига кўра қурилмага ўрнатилган параметрлар Давлат стандарти талабларига мувофиқлиги аниқланди.

Стандарт талабларга мувофиқ деб топилган ушбу NJ977 турдаги ақлли энергетика қурилмаси Ўзбекистон Республикаси ўлчаш воситалари давлат реестрига рўйхатга олинди ва амалиётда қўллаш учун рухсат берилди.

Н. Нурмухамедов томонидан ишлаб чиқилган ушбу қурилма муаллифнинг электр
ва магнит катталикларни ўлчаш лабораторияларида олиб борган изланишлари натижасида лабораторияда фойдаланиладиган кўпгина намунали ўлчаш воситаларининг ўрнини босадиган ва ўлчаш жараёнларида инсон омилини қисқартиришга эришилган.

Ушбу NJ977 туридаги ақлли энергетика қурилмаси қуйидаги функцияларни бажариш учун мўлжалланган.

Расм 1 – Қурилманинг ташқи кўриниши
  • Бир фазали ва уч фазали электр тармоқларида электр энергиясининг асосий параметрларини ўлчаш:
    • синусоидал ва бузилган тўлқин шаклидаги кучланиш ва токнинг самарали қийматлари;
    • актив, реактив ва тўлиқ электр қуввати;
  • Тармоқларда электр энергияси сифатининг асосий параметрларини таҳлил қилиш:
    • кучланиш;
    • ток;
    • актив, реактив ва умумий қувват;
    • частота;
    • актив ва реактив қувват коэффициенти;
    • кучланиш ва ток гармоникалари;
    • график кўринишдаги вектор диаграммалар;
  • Барча турдаги ўзгарувчан токда ишловчи бир ва уч фазали актив ва реактив энергияси ҳисоблагичларни 0,05 аниқлик синфи билан метрологик тавсифларини аниқлаш;
  • Электр тармоғида уланиш схемаларини тўғрилигини тармоқдан узмаган ҳолда аниқлаш;
  • Ўзгарувчан токдаги электр ўлчаш асбобларининг кучланиш, ток, частота, актив ва реактив қувватларни уланиши ва ишлашининг тўғрилигини текшириш;
  • Ток трансформаторларни 0,1 аниқлик синфи билан амплитуда (токли) хатоликларни нисбий (фоизда) ва бурчак хатоликларни аниқлаш, шунингдек, трансформация коэффициентини билиб олиш.

ТAВСИФИ

Қурилманинг ишлаш принципи гармоник кириш сигналларни бир вақтнинг ўзида қийматларни аналог-рақамли конверсиялашдан иборат. Сўнгра конверсия қилинган рақамли қийматларни шахсий дастурга мувофиқ процессорда қайта ишлайди.

Қурилма планшет ёрдамида ишлайди ва маълумотларни тўғридан-тўғри алмашади. Қурилма планшет билан симсиз алоқа — Wi-Fi тизими орқали боғланади.

Ўлчаш натижалари дастурий таъминот ёрдамида O‘z DSt ISO/IEC 17025:2019 халқаро стандартига асосан баённомаларни планшет базасида сақлайди.

Қурилма олиб юриш ва қўллаш учун қулай шаклда ABS пластик маҳсулотдан ишлаб чиқилган. Қурилманинг ташқи кўриниши қуйидагилардан иборат.

  • Олд панелида рангли LCD 3.2″ дисплей жойлашган бўлиб қуйидаги функцияларга эга:
  • қурилма батареясининг қувват манбаи индикатори (қўшимча қисмда);
  • планшет билан боғланганлик ҳолати (қўшимча қисмда);
  • фазалар бўйича кучланиш, ток ва қувват кўрсаткичлари (асосий қисмда);
  • Юқори панелда қуйидагича жиҳозланган:
  • фазалар кетма-кетлигида ток клешлари учун тешиклар;
  • кучланиш симларини улаш учун тешик;
  • импулс сенсорини улаш тешиги;
  • периферик қурилмаларни улаш учун тешик;
  • 5 V кучланишлик қувватлаш блокни улаш тешиги;
  • қурилмани ўчириш-ёқиш тугмаси;
  • Орқа панелда махфий сим-карта қўйиш учун кичик қопқоқ. Қулайлик мақсадида орқа панелга қурилмани метал деворга ёпиштириш учун махсус ички магнитлар ўрнатилган.

    Расм 2 – Қурилма жамланмасининг тўлиқ кўриниши
Расм 3 – Қурилмага боғланадиган планшет кўриниши

Қурилманинг қўлланиш доираси ва афзалликлари

  • Электр энергиясини ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчиларни энергия билан таъминловчи ташкилотлар, шу билан бирга электр энергиясини текширувчи (энергия аудити) корхоналар;
  • Электр таъминоти тизимини созлаш ва синовдан ўтказиш;
  • Метрологик фаолият юритувчи лабораторияларнинг тўлиқ тўплами (жумладан, жойда фойдаланувчи мобил усул билан).

Эндиликда бу қурилмани патентлаштириш ва интеллектуал мулк рўйхатидан ўтказиш ишлари якунлангач Ўзбекистон миллий метрология институтининг барча филиалларини ушбу қурилма билан таъминлаш режалаштирилмоқда. Бу ўз навбатида ўлчаш воситаларини юқори аниқликда метрологик текширувлардан ўтказишни таъминлайди.

Бундан ташқари, келажакда чет элнинг шу соҳага оид ташкилотларига ушбу қурилмани буюртма асосида тайёрлаб бериш мақсад қилиб олинган.

Ўзбекистон миллий метрология институти  Матбуот хизмати