«Ўзстандарт» журналистлар учун матбуот анжумани ташкил этди

«Ўзстандарт» журналистлар учун матбуот анжумани ташкил этди. Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимларига Ўзбекистон Миллий метрология институти томонидан мамлакатда ягона ўлчашлар бирлигини таъминлаш ва халқаро алоқаларни кенгайтириш истиқболлари мавзусида батафсил маълумотлар тақдим этилди.

«Ўзбекистон миллий метрология институти» давлат корхонаси кўп тармоқли, техник жиҳатдан жиҳозланган, замонавий меъёрий ва услубий ҳужжатлар билан таъминланган, 15 та ўлчаш тури бўйича ўлчаш воситаларини қиёслаш, калибрлаш, метрологик аттестация қилиш ишларини 24 та лабораториядан ташкил топган 7 та бўлим, 1 та сертификатлаштириш идорасига эга.

Институт лабораторияларида юқори аниқликдаги ўлчаш ва синаш воситаларидан фойдаланилади (Лабораторияларда жами 155 дона юқори аниқликдаги бирламчи ва 679 дона наъмунавий ўлчаш воситаси мавжуд).

Институтда ходимларнинг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жорий йилда 20 дан ортиқ ходим Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш илмий тадқиқот институтида ва беш нафар ходим Беларусь республикаси миллий метрология институтида малака ошириб келди. Шунингдек Германия (RTV), ҳамда Туркия (TÜBİTAK UME) ташкилотлари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

«Ўзбекистон миллий метрология институти» Давлат корхонасида 10 та миллий бошланғич эталонлари мавжуд, бу эса республикадаги 700 дан ортиқ юқори аниқликдаги ўлчаш воситаларини қиёслаш (калибрлаш) имконини беради.

2018 йилда 6 та, 2019 йилда 4 та, 2020 йилда 3 та ва 2021 йилда 2 та эталон харид қилиниши белгиланган. Бунинг натижасида мавжуд эталонлар сони 24 тага етказилиб, республикадаги 2500 дан ортиқ юқори аниқликдаги ўлчаш воситаларини чет элга юбормасдан, шу ерда метрологик текширувдан ўтказиш имконияти яратилади. 2015—2016 йилларда 43 та эталонлар калибрлаш (солиштириш)дан ўтказилади.

Республикада ўтказилган ўлчашлар натижасини халқаро даражада тан олинишига эришиш мақсадида Халқаро ўлчовлар ва тарозилар қўмитасининг ўзаро тан олиш тўғрисидаги келишуви (CIPM MRA) га асос солинди.

Ўзбекистоннинг Метрик конвенцияга қўшилиши давлатлараро интеграциялашувни таъминлашга, халқаро савдо жараёнларида талаб этиладиган маҳсулотларни синаш ва ўлчаш натижаларининг халқаро миқёсда тан олинишига замин яратиб беради.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда «Ўзстандарт» агентлигининг 2018 йилда метрология бўйича халқаро Метрик конвенцияга қўшилиш бўйича тадбирларни амалга ошириш белгиланган.

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган бошқа саволларига ҳам жавоб олди.