Ўзбекистон миллий метрология институти Бекобод филиали фаолиятда

Ўзбекистон миллий метрология институти Бекобод филиали Тошкент вилоятининг 8 та туман ва шаҳрига хизмат кўрсатади. Ҳудудда 10 та йирик, 42 ўрта ва 865 та кичик корхона ва ташкилотлар жойлашган. Ушбу корхона ва ташкилотлар филиал билан ҳамкорликда иш юритишмоқда. Экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида ҳудудлар кесимида барча ҳамкорлар иштирокида семинар-тренинглар ўтказиш доимий йўлга қўйилган. Ҳудудда жойлашган 126 та экспортёр корхоналар билан ҳамкорлик олиб борилмоқда. Филиалнинг мутахассислари томонидан 64 та саноат ва 62 та мева-сабзавот экспортёри корхоналарида карантин пайтида пайдо бўлган соҳага доир масалалар бўйича ўрганиш олиб борилиб, керакли тавсиялар тақдим этиб келинмоқда.

Аҳоли ва тадбиркорлар мурожаатларини онлайн тарзда электрон шаклда қабул қилиш учун bekobod@nim.uz berabadsert@inbox.ru электрон почталари ишлаб турибди. Онлайн мурожаатлар асосида биргина апрель ва май ойлари давомида доимий ишлайдиган йирик тадбиркорлик субъектларидан ташқари корхона ва ташкилотлардан ўлчов воситаларини текшириш мақсадида 44 та мурожаатлар келиб тушган ва қиёслаш ишлари амалга оширилган. Жумладан,  “Бекободцемент” АЖнинг  278 та ўлчаш воситалари, 4 та автомобил тарозилар ва 4 та вагон тарозилар, электр ўлчаш воситалари, термометрлар, манометрлар, “Ўзметкомбинат” АЖ га тегишли бўлган  376 та ўлчаш воситалари, 4 та автомобил тарозилар ва 5 та вагон тарозилар, ёқилғи тарқатиш устуни, нефтни сақлаш сиғимлари, ареометрлар, манометрлар, геометрик каби ўлчаш воситалари, “Пахта Нефт Базаси” МЧЖнинг 5 та автомобил тарозилар, фермерларга ёқилғи тарқатиш шаҳобчаларида мавжуд ёқилғи тарқатиш устуни, нефт маҳсулотларини сақлаш сиғимлари, ареометрлар, тарозилар каби ўлчаш воситаларига хизмат кўрсатилди.

Шунингдек, бошқа корхона ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган  1154 та ўлчаш воситалари Давлат қиёсловидан ўтказилди.

Ғалла мавсумида ҳосил миқдорини тўғри ва аниқ ҳисоблаш учун “Ўздонмаҳсулот” АК тизимидаги Тошкент вилояти Бекобод ҳудудида жойлашган дон қабул қилиш корхоналари ва уларнинг шаҳобчалари ҳамда уруғлик цехлари мутахассислари мурожаатларига асосан мавжуд 218 та ўлчаш воситалари, шундан лаборатория ўлчаш воситалари 186 та ўлчаш воситаларини 100 фоиз қиёслашдан ўтказилди.

Бекобод филиалининг метрология соҳасида энг йирик ҳамкорларидан бири Ўрта Осиёда ягона бўлган “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖ бўлиб ҳисобланади. Ушбу корхонада иккиламчи металлни қайта ишлаш натижасида 300 дан ортиқ қурилиш ва хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ички бозор ҳамда Осиё ва Европа мамлакатларига экспорт қилиб келинмоқда. Экспорт жараёнида маҳсулот сифати ва хавфсизлигини таъминлаш ва жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини оширишда корхонада метрологик текширувларга диққат эътибор билан қаралади. Ҳар йили корхонада қўлланилаётган 7000 дан ортиқ ўлчаш воситалари филиал мутахассислари томонидан давлат қиёсловидан ўтказилиб борилади. Бу ерда мавжуд ускуналарни давлат қиёсловидан ўтказиш учун  кенг шароитлар яратилган.

Калибрлаш лабораторияси 100 дан ортиқ намунавий ўлчаш воситалар билан таъминланган бўлиб, Республикамизнинг турли вилоятларидан келаётган ўлчаш воситаларини қиёслаш ва калибрлаш учун мўлжалланган қиёслаш ускунасидан фойдаланилмоқда.

Филиалнинг “Электр ўлчов воситаларини қиёслаш лабораторияси” замонавий, юқори аниқликдаги қиёслаш ускуналари билан таъминланган. Лабораторияда кўп функцияли калибратор, эталон мультиметр, электр ҳисоблагичларни қиёслаш ускунаси, ток ва кучланиш трансформаторлар ва электр ҳисоблагичларни қиёслаш ускуналари, синов қурилмалари ёрдамида ишчи ва юқори аниқликдаги электр ўлчов воситалари амперметрлар, вольтметрлар, ваттметрлар,  мультиметрлар, омметрлар, барча турдаги юқори ва паст кучланишда ишлайдиган ток ва кучланиш трансформаторлари, барча турдаги электр ҳисоблагичларни қиёслаш ва метрологик аттестатлаш имконияти мавжуд. Бу ускуналар орқали қуйидаги метрологик жараёнлар амалга оширилмоқда:

  • Электр ҳисоблагичларни қиёслаш ускунаси DZ-601-12D ва DZ-603-12D ёрдамида бир иш кунида 96 та 1 ва 3 фазали электр ўлчаш воситаларини қиёслаш имконияти мавжуд.
  • Кўп функцияли калибратор FLUKE 5502E ва эталон мультиметр FLUKE 8508А ёрдамида бир иш кунида 40 донагача амперметрлар, вольтметрлар, ваттметрлар, мультиметрлар, омметрларни қиёслаш ва метрологик аттестатлаш имконияти мавжуд.
  • Электр ҳисоблагичларни қиёслаш ускунаси Нева-Тест 3303 ёрдамида бир иш кунида 24 дона 1 ва 3 фазали электр ўлчаш воситаларини лабораторияда ва жойига бориб қиёслаш имконияти мавжуд.
  • Ток ва кучланиш трансформаторларини қиёслаш ускунаси Анализатор PCT200Ai ёрдамида бир иш кунида 60 дона ток ва кучланиш трансформаторларини қиёслаш ва метрологик аттестатлаш имкониятига эга.

Лабораторияда аттестациядан ўтган малакали давлат қиёсловчилари – эксперт-аудитор ва мутахассислар фаолият олиб бормоқда.  

Бекобод филиали карантин шароитида барча турдаги ҳимоя воситалари (антисептик воситалар, тиббий ниқоб ва қўлқоплар) билан таъминланган бўлиб белгиланган гигиена талабларига қатъий риоя этилган ҳолда иш юритилмоқда.

Матбуот хизмати