Нефт махсулотларнинг чақнаш хароратини ўлчаш учун мулжалланган ускуна

Юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш, ҳорижий давлатлардан инвестиция жалб қилиш ишлари жадаллик билан амалга оширилмоқда. Бу ўринда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифатлилиги муҳим аҳамиятга эга. Ҳар бир маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнида албатта ўлчаш воситалари бевосита иштирок этади.

Ўлчаш воситаларини қиёслаш, аттестатлаш, калибрлаш ишларини амалга ошириш учун мўлжалланган лабораторияларни модернизация қилиш, жаҳон стандартлари талаблари даражасига олиб чиқиш ҳам ҳозирги кунда долзарб масалалардан бирига айланиб бормоқда. Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, “Ўзбекистон миллий метрология институти” Давлат корхонасининг илмий-ишлаб чиқариш бўлимларида мавжуд бўлган лабораторияларда ҳам юқори аниқликдаги намунавий ўлчов воситалари, эталонлар, синов ускуналари сони ўсиб бормоқда.

 “ЎзММИ” ДК 09 – илмий ишлаб чиқариш бўлимининг “зичлик ва қовушқоқлик” лабораториясига жорий йилда нефт маҳсулотларининг чақнаш ҳароратини аниқлаш учун юқори аниқликдаги Herzog OptiFlash синов ускунаси ҳарид қилинди. OptiFlash нефт маҳсулотлари, биодизел, оқсилли битумлар ва х.к. ларни +30°C дан +400°C гача бўлган ҳароратда чақнаш нуқтасини аниқлайди.

OptiFlash хавфсизлик стандартлари талабларига ҳам тўлиқ жавоб беради. Ушбу синов ускунасини ўрнатиш ва ишлатиш мақсадида Россиядан малакали мутахассис жалб қилинди ва бир кун давомида синов ускунасини ўрнатиш ҳамда лаборатория ҳодимларига синов ускунасидан  фойдаланиш ва қўллаш услубиётлари билан тўлиқ таништирди.