“Метрология тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун кабул килинди

“Метрология тўғрисида”ги илк Қонун 1993 йилда қабул қилинган бўлиб, унда 16 ҳаволаки норма мавжуд эди. Бугунги кунда тез-тез тилга олинадиган техника-технология асрида ушбу ҳужжат метрология бўйича халқаро талабларга мос келмаслиги натижасида миллий аккредитация тизимининг халқаро даражада тан олинишига имкон бермаяпти ҳамда саноатнинг барча тармоқларида юқори аниқликка эришиш йўлида тўсиқ бўлиб қолди. Шу боис, амалдаги қонунни такомиллаштиришни даврнинг ўзи тақозо этди.

Президентимиз томонидан ушбу соҳада олиб борилаётган сиёсатнинг асосий йўналишларидан бири, бу Давлат бошқаруви монополиясидан воз кечган ҳолда, бозор ислоҳотларига ўтиш, яъни хусусий секторни ривожлантириш ҳисобланади.

Аввалги қонунда ўлчаш воситаларини калибрлаш ваколати шу кунгача фақат Давлат метрология хизматига берилган эди. “Метрология тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонунда ривожланган давлатларнинг соҳада эришган ижобий натижалари инобатга олинган ҳолда, тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Бундан ташқари, яна бир эътиборли жиҳат янги қонун орқали миллий эталонларни тизимли равишда халқаро эталонлар билан солиштириб бориш мажбурийлиги ўрнатилди. Шунингдек, “давлат эталони” сўзини метрология бўйича халқаро қоидалар билан мувофиқлаштириш мақсадида “миллий эталон” сўзига алмаштирилди. Бу, ўз навбатида, халқаро амалиёт билан уйғунлашувни таъминлаб, саноат тармоқларида ўлчов воситаларининг аниқлигини амалда таъминлайди.

Метрология соҳасидаги Давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, метрология фаолиятининг асосий вазифалари ва принциплари қайта кўриб чиқилиб, қонунчилик техникасига ҳамда миллий қонунчилик талабларига  мослаштирилди. Такрорланувчи нормалар унификация қилиниб, бирлаштирилди.

Қонуннинг тўғридан-тўғри ишлашини таъминлаш мақсадида “Ўлчаш воситалари ва синов воситалари” номли 16-моддага техник воситаларни ўлчаш воситалари ва синаш воситалари жумласига киритишни белгиловчи мезонлар қонуности ҳужжатларидан қонун талаби даражасига кўтарилди.

Янги таҳрирдаги ушбу Қонун қабул қилиниши миллий метрология тизимини Халқаро қонунлаштирувчи метрология ташкилоти (МОЗМ), Халқаро тарозилар ва ўлчовлар бюроси (BIPM) каби метрология соҳасидаги халқаро ва ҳудудий ташкилотлар фаолиятида Ўзбекистон мавқеъни оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, яна бир муҳим жиҳат, киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар миллий аккредитация тизимининг халқаро даражада тан олинишига имкон яратади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг жаҳон бозорида муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашиш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқиш, хизматлар хавфсизлигини таъминлашда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда Давлат манфаатларини ҳимоя қилишга ёрдамлашади.

Матбуот хизмати