«Машинасозлик соҳасида инновацион технологиялар (ИТМаш-2020)» мавзусида онлайн тарзда Биринчи халқаро конференция.бўлиб ўтди

Россия Федерациясининг «КОННЕКТ» нашриёт уйи ва «Машинасозлик соҳасида рақамли инновациялар уюшмаси» томонидан жорий йилнинг 25 июнь куни «Машинасозлик соҳасида инновацион технологиялар (ИТМаш-2020)» мавзусида Биринчи халқаро конференция ўтказилди.

Онлайн форматда ўтказилган анжумандан кўзланган мақсад фуқаролар учун мўлжалланган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи машинасозлик корхоналарида ахборот технологияларини оммалаштириш ва илгари суришдир.

Ушбу тадбирда 300 дан зиёд иштирокчилар: Германия, Чехия, Россия Федерацияси ва бошқа қатор МДҲ мамлакатларидаги машинасозлик корхоналарининг, шунингдек, ҳокимият, давлат муассасалари ҳамда инновацион технологиялар (ИТ)-компанияларнинг раҳбарлари ва ит-хизматларининг етакчи мутахассислари иштирок этди.

Онлайн конференцияда ЎзММИ томонидан бўлим бошлиқлари Ҳасан Мамарасулов ва Ойбек Халилов ,шунингдек, етакчи мутахассис Р. Валиев, мутахассис Шохрух Бакиров ва эталон сақловчи Алишер Ботировлар иштирок этишди.

Тадбир иштирокчилари ҳамкасблар тажрибаси билан танишиш, янги маҳсулотлар ва ишлаб чиқарувчиларнинг ечимлари ҳақида маълумот олиш, долзарб масалаларнинг муҳокамасида иштирок этиш ва тўртта йўналиш секцияларида – энергетика, транспорт, автомобилсозлик ва радиоэлектроника йўналишларида муайян маърузачиларга саволлар бериш имконига эга бўлишди.

Анжуманда қуйидаги мавзулар қамраб олинди:

Ҳозирги шароитда машинасозлик комплекси рақамли трансформациясининг ўзига хос хусусиятлари;

Пандемия ҳолатида қўлланиладиган чекловлар шароитида ишлаб чиқариш ва бизнесда рақамли технологиялардан фойдаланишнинг ўзига хос хусусиятлари;

Маҳаллий машинасозлик корхоналари томонидан чиқариладиган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини таъминлашда, жумладан дунё бозорида ҳам, рақамли технологияларнинг салоҳияти.

Қатор маърузачилар томонидан машинасозлик корхоналарининг фаолиятида рақамлаштиришни жорий этиш жараёнида стандартлаштириш ва метрологиянинг замонавий жиҳатларини ҳисобга олиш зарурлиги таъкидланди.

Мавзу доирасида батафсил маълумотни https://event-connect.ru/itm сайтидан олишингиз мумкин.

 

                          Матбуот хизмати