ISO/IEC 17025 халқаро стандарти янги версиясининг янгиланган талабларини сифат менежменти тизимига жорий этиш

2019 йил 5 февралдан 7 февралгача Федератив Германия Республикасининг Брауншвейг шаҳрида Давлат метрология муассасаларининг Евро-осиё ҳамкорлиги (КООМЕТ) доирасида Германия Федератив физика-техника институти (PTB) томонидан ташкил қилинган “ISO/IEC 17025 халқаро стандарти янги версиясининг янгиланган талабларини ММИ/МИ сифат менежменти тизимига жорий этиш” мавзусида семинар бўлиб ўтди, ва унда Ўзбекистон миллий метрология институти бош мутахассиси Марат Юнусов иштирок этди.

Семинарда PTB тренерлари гуруҳи ISO/IEC 17025 “Синов ва калибрлаш лабораторияларининг лаёқатлилигига қўйиладиган умумий талаблар” халқаро стандартининг версиялари ўртасидаги асосий фарқларни таъкидлади. Миллий метрология институтлари ва КООМЕТ иштирокчи-давлатларининг тайинланган институтлари вакиллари фикр алмашиб, стандартнинг янги версиясини жорий этиш бўйича ўз фикрларини билдирди.

Миллий метрология институтлари Европа ассоциацияси (EURAMET) ва КООМЕТда миллий метрология институтлари ва тайинланган институтларнинг стандартнинг янги версиясига ўтиш режаси тақдим этилган.

 

Халқаро  стандартнинг янги версиясига ўтиш ҳудудий метрология ташкилотлари томонидан сифат менежменти тизимини ташқаридан баҳолашни амалга оширишнинг асосий омили ва, Ўзбекистон миллий метрология институти томонидан бериладиган калибрлаш ва ўлчаш сертификатларининг тан олинишига эришиш йўлида навбатдаги босқич ҳисобланади.

Муаллиф: Марат Юнусов, “ЎзММИ” ДК бош мутахассиси