Илмий изланишлар ўз натижасини бермоқда

Маълумки, Ўзбекистон миллий метрология институти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 апрелдаги “Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2935-сонли Қарорига асосан ташкил топган.

Шу қисқа муддат давомида институт томонидан аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатиб келинаётган турли хилдаги хизматлар орқали самарали фаолият йўлга қўйилган. Шунингдек,  институтининг унчалик узоқ бўлмаган фаолияти давомида малака ва салоҳиятга эга бир қатор илмий ходимлар изланишлар олиб боришиб, тезкор натижага эришишмоқда. Илмий ходимларнинг давомли изланишлари инновацион ғоялар асосида мутлоқ янгича ўлчаш воситасини яратишга ёрдам ва натижа берди. Мутлақо янги  ўлчаш воситаси ихтиро қилинди.

Янги кашфиётга институтнинг электр ва магнит катталиклари бўлимининг лабораториясида маиший ҳисоблагичларни қиёслаш лабораторияси бошлиғи Нажмиддин Нурмухамедов томонидан асос солинган бўлиб, у уч фазали электр тармоғида юз бераётган камчиликлар яъни, бугунги кунда тез-тез учраб турадиган, кўпгина мунозарали вазиятлар сабаби бўлган уланиш схемаларини (тармоққа уланган ҳолатда) нотўғри уланганини аниқлайди.

Шу билан бир қаторда ушбу ўлчаш воситаси менюсига тармоқдан оқиб ўтаётган электр энергиясидан оқилона фойдаланиш ҳамда энергия тежамкорлигини янада ошириш масадида электр энергияси сифати таҳлилини (анализ) қилиш функцияси ҳам киритилган. Ихтиронинг муҳим жиҳатларидан яна бири янги ўлчаш воситасида ҳар қандай турдаги бир ва уч фазали электр ҳисоблагичларни юқори аниқликда қиёслаш имконияти мавжуд.

Айни дамда ушбу кашфиёт устида турли синов-тест ишлари олиб борилмоқда. Ҳар томонлама синов ишлари тўлиқ якунлангандан сўнг ўлчаш воситаси амалиятга татбиқ этилади. Келгуси режага асосан ихтиронинг тақдимотига хорижий давлатларнинг соҳа мутахассислари ҳам таклиф этиш кўзда тутилган бўлиб, меҳмонларга илмий ютуқ ва тажриба улашилади. Янги ўлчаш воситасининг сир тутилаётган тўлиқ қобилиятлари ҳақидаги маълумотлар ҳам расмий тақдимот давомида эълон қилинади.

Ўзбекистон миллий метрология институти Матбуот хизмати раҳбари Азамат Тўраев