Иккиламчи эталонлар дозиметрия лабораториясини яратиш

   Бугунги кунда радиация ва ядро хавфсизлиги долзарб масалалардан бири бўлганлиги туфайли бу соҳада ишончли ва аниқ ўлчашларга бўлган талаб ошиб бораётганлигини кузатишимиз мумкин. Радиация ва ядро хавфсизлик таъминоти нафақат инсонларнинг балки атроф муҳитнинг ҳам ҳимоясини таъминлаш учун хизмат қилади ва ионловчи нурланишлар қўлланадиган барча фаолият турларини, шу жумладан тиббиёт ва саноатда радиация асосида амалга ошириладиган жараёнларни ҳам қабраб олади.

Радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида ишончли ва аниқ ўлчашлар муҳимлигини инобатга олиб, Халқаро атом  энергияси агентлиги (ХАЭА) шу соҳа бўйича дастурни амалга ошира бошлаган ва ушбу дастур доирасида инфратузилмани яратиб келмоқда. Дастурнинг асосий вазифаси давлатларга ионловчи нурланишни ўлчаш ва дозиметрларни калибрлашнинг халқаро умум эътироф этилган усул
ва тартиб-таомилларидан фойдаланиш юзасидан тавсиялар беришдан иборат.

Шунингдек, ушбу дастур 24 йил мобайнида бутун дунёда радиотерапевтларва ионловчи нурланиш билан ишлайдиган бошқа мутахассислар орасида юқори аниқликдаги ўлчашлар ўта муҳимлигини инобатга олган ҳолда дозиметрик ўлчашларнинг аниқлигини сезиларли даражада оширишга ёрдам бериб келмоқда.

Бугунги кунда иқтисодиётнинг турли соҳаларида, шу жумладан энергетика, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ҳамда маҳсулотларнинг хавфсизлик кўрсаткичларини текширишда радиация ва ядровий технологиялардан унумли фойдаланиш кенг жорий этилмоқда.

Шу сабаб, юқори аниқликдаги радиацион ҳимоя ускуналарининг ўлчаш натижалари ишончлилиги кўрсатилган соҳаларда фаолият юрутувчи мутахассисларга хавфсизлик ва сифат гарови бўлиб хизмат қилади.

Бундай ускуналар ионловчи нурланиш манбалари ва эталон дозиметрлар ёрдамида даврий метрологик текширувдан ўтказилиши ва ўлчаш натижаларининг метрологик кузатилувчанлиги халқаро даражадаги бирламчи дозиметрия эталонларигача таъминланиши лозим.

Бу борада юзага келаёттган муаммоларни олдини олиш мақсадида ХАЭА ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан “Иккиламчи эталонлар дозиметрия лабораторияси” (SSDL) тармоғига асос солинди. ХАЭА ва ЖССТ минтақавий даражада ривожланаётган мамлакатларга SSDL яратишда ёрдам кўрсатиш бўйича ташаббусни ўз зиммасига олди.

Шу қаторда, мамлакатимизда ҳам сўнгги йилларда ядровий фаолият жуда тез ривожланиши, шу жумладан мамлакатда биринчи атом электр станциясини қуриш бўйича инновацион лойиҳа амалга оширилаётгани бунга туртки бўлди.

Кўрсатилган истиқболли режаларни сифатли амалга ошириш ҳамда хавфсиз фойдаланиш стратегик муҳим вазифа эканлиги учун “Ўзстандарт” агентлиги Ўзбекистон миллий метрология институтидаги мавжуд ионловчи нурланишларни ўлчаш лабораторияси негизида ионловчи нурланишли ўлчаш воситаларини калибрлаш учун дозиметрия лабораториясини ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш зарурияти юзага келди.

Шу сабабдан, “Ўзстандарт” агентлиги ва ХАЭА техник ҳамкорлиги доирасида 2019-2020 йиллар учун UZB6015 “Ўзбекистон Республикасида иккиламчи эталонлар дозиметрия лабораториясини яратиш” (Establishing the Secondary Standards Dosimetry Laboratory) лойиҳаси тасдиқланган.

Мазкур лойиҳа доирасида 2019 йил Ўзбекистон миллий метрология институти ходимлари Белоруссия миллий метрология институтида (Belarussian State Institute
of Metrology (BelGIM)) малака ошириш ва илмий амалий ташрифларни амалга оширишди. Шунингдек, мутахассислар Қозоғистон Республикасининг “Экспертиза ва сертификатлаштириш миллий маркази” АЖ Олмата филиалида ХАЭА томонидан ташкил этилган ўқув семинарда иштирок этишди.

ЎзММИда “Иккиламчи эталон дозиметрия лабораторияси”ни ташкил этиш мақсадида мавжуд Ионловчи нурланишларни ўлчаш лабораторияси радиацион хавфсизлик талабларига мувофиқ таъмирланди.

Ҳозирги кунда гамма ва рентген қурилмаларини харид қилиш бўйича ХАЭА билан ҳамкорликда ишлар амалга оширилмоқда.

Гамма нурланишли юқори аниқликдаги қурилма

Рентген нурланишли юқори аниқликдаги қурилма

Лойиҳани тўлиқ амалга ошириш натижасида мамлакатимизда ионловчи нурланишли ўлчаш воситаларининг аниқлилиги, ишончлилиги ҳамда метрологик кузатулувчанлиги таъминланади.