Электр энергиясини ҳисобга олиш приборлари ва унинг ривожланиш истиқболлари

Маълумки, ҳозирги бозор иқтисодиёти даврида, сотувчи (хизмат кўрсатувчи) ва истеъмолчи ўртасидаги ҳисоб-китоб олиб бориш жараёнида, етказиб берилган маҳсулот (ёки кўрсатилган хизмат) ҳажмини аниқ ва тўғри аниқлаш асосий омиллардан биридир.
Электр энергетикада ишлаб чиқарилган, узатилган ва истеъмол қилинган энергия миқдори  электр энергиясини ҳисобга олиш тизими орқали амалга оширилади. Ушбу тизимнинг асосий элементларидан бири бу – Электр ҳисоблагичлардир.

Собиқ Иттифоқ даврида, электр энергиясини ҳисобга олиш учун индукцион турдаги ҳисоблагичлар ишлаб чиқилган бўлиб, уларнинг бир қатор камчиликлари мавжуд эди, жумладан:

– ушбу ҳисоблагичларнинг аниқлик синфи жуда паст (2,0-2,5 фоизгача);

– ҳисоблагичларнинг тузилиши механик қисмлардан иборат бўлиб, уларнинг емирилиши ва едирилиши оқибатида, электр энергиясини ҳисобга олишда катта хатоликлар келтириб чиқаради;

– уларнинг кўрсаткичларига ташқи омиллар таъсирида ўзгартиришлар киритиш мумкинлиги ва ҳ.к.

Ҳозирги вақтда, янги технологиялар асосида, замонавий электрон ҳисоблагичлар яратилган бўлиб, улар бир қанча афзалликларга эга. Жумладан:

– юқори даражадаги аниқлик синфи (0,2 дан 1,0 фоизгача);

– электр энергиясини ҳисобга олишда статик усулда, яъни электрон импульслар орқали амалга оширилиши;

– ташқи омиллар орқали ҳисобга олинган энергия ҳажмига ўзгартиришлар киритиб бўлмаслиги;

– ягона автоматлаштирилган энергияни ҳисобга олиш тизимига (АСКУЭ) улаш имконияти мавжудлиги.

Маълумот учун республикамизда бир йиллик ўртача электр энергияси ресурсининг бир фоизи 0,5 млрд. кВт.соатга яқин электр энергия миқдорини ташкил этади.

Республикамизда ишлаб чиқарилаётган ва узатилаётган электр энергиясини ҳисобга олиш учун, ҳозирги вақтда барча нуқталарда замонавий электрон ҳисоблагичлар ўрнатилган бўлиб, электр энергиясини истеъмолчиларга етказиб беришда электр энергиясини ҳисобга олиш учун электрон ҳисоблагичларни жорий этишда бир қатор камчиликлар мавжуд эди.

Ҳозирги вақтга келиб, республика бўйича 5 млн. га яқин электр энергия истеъмолчилари мавжуд бўлиб, уларнинг 4,5 млн. дан ортиғи бу аҳолидир.

Яқин йилларгача аҳолининг қарийб 75 фоизида эски турдаги, маънан эскирган индукцион ҳисоблагичлар ўрнатилган эди ва улар 15-30 йиллардан буён ишлатилиб келинар эди.

“Ўзстандарт” Агентлиги ва электр таъминоти корхоналари билан ҳамкорликда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, эски индукцион ҳисоблагичлар аниқлик синфи билан рухсат этилгандан ҳам катта хатоликлар, яъни ўртача (–) 7,0 фоиздан (-) 12,0 фоизгача хатолик билан ишлаётганлигини кўрсатди. Бу эса, ўз навбатида, амалда истеъмол қилинган электр энергияси ҳажмининг аниқ ва тўғри ҳисобга олишда муаммоларни юзага келтириб чикарарди.

Юқорида келтирилган омиллар оқибатида, истеъмолчиларга етказиб берилган электр энергиясининг ҳажми тўла ҳисобга олинмасди, бу эса Республика электр энергия таъминотига салбий таъсир кўрсатди.

Булардан ташқари, ушбу эски индукцион ҳисоблагичларнинг ишлаш жараёнида инсон омиллари туфайли унинг кўрсатгичларига ўзгартириш киритишлари оқибатида ҳам энергия йўқотилиб келинмоқда.

Ушбу ҳолатларни олдини олиш мақсадида, ҳукуматимиз томонидан бир қатор қарорлар, меъёрий ҳужжатлар ва қоидалар ишлаб чиқилди. Электр энергия истеъмолчиларида эски индукцион ҳисоблагичларни замонавий электрон ҳисоблагичларга алмаштириш энергия таъминоти ташкилотларининг иқтисодий ҳолатини яхшилайди. Электр энергиясини аниқ ва тўғри ҳисобга олиш, энергиядан самарали ва оқилона фойдаланиш даражасини оширади. Бу эса ўз навбатида, республикамизнинг энергетик салоҳиятини янада оширишга имкон беради.