Дозиметрия соҳасида IAEA ҳамда WHO ҳамкорлигининг 50 йиллиги

Бугунги кунда Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (WHO) ҳамда Халқаро атом энергияси агентлиги (IAEA) маҳсулотлар таркибидаги радиоактив элементларнинг миқдорини текшириш метрологик хизматининг ташкил этилганлигининг 50 йиллигини нишонламоқда. 1968 йилда Каракасда (Венесуелада) радиоактив терапия марказларида дозиметрия талабларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди, унда IAEA, WHO ва Пан Америка соғлиқни сақлаш ташкилоти (PAHO) иштирок этди. Учрашувда минтақавий дозиметрия лабораторияларини ташкил этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.  

1969 йил Аргентинада Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти иккиламчи эталон дозиметрлар бўйича дастлабки минтақавий маълумот марказини ташкил қилди. 1976 йилда IAEA ҳамда WHO ташкилотлари томонидан дастлабки Иккиламчи эталон дозиметрия лабораториялари (SSDL) ташкил этилди.

Ушбу лабораториялар радиацион нурланиш таркиби ва миқдорини аниқлаш, радиотерапия билан боғлиқ фаолиятни назорат қилиш ва SSDLларда радиациядан ҳимояланишни стандартлаштириш бўйича изчил ишларни амалга ошириб келмоқда. Бундан ташқари радиоктив ўлчашлар соҳасида амалга оширилаётган калибрлаш хизматлари учун кузатувчанлик, аниқлик, уйғунлик ва ҳамкорлик каби бирлаштирилган асосий атрибутларни таъминлашга эришилди. Натижада 135 IAEA/WHO га аъзо давлатларнинг 2300 дан ортиқ радиотерапия марказларида беморларга қўйилаётган ташхисларнинг сифатини ошириш орқали уларнинг хавфсизлиги таъминланди.

Шу ўринда айтиш жоизки, барча аъзо мамлакатлар қатори Ўзбекистонда ҳам Халқаро атом энергияси агентлиги  ҳамда «Ўзстандарт» агентлиги «Ўзбекистон миллий метрология институти» Давлат корхонаси ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳаларга асосан иккиламчи эталон дозиметрия лабораторияси ташкил этилмоқда.