Депутатлар янги таҳрирдаги «Метрология тўғрисида”ги қонун лойиҳасини бевосита соҳа вакиллари иштирокида муҳокама этишди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган мажлисларидан бирида қатор қонун лойиҳалари қатори  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги “Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ишлаб чиқилган янги таҳрирдаги «Метрология тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинган эди. Мазкур қонун лойиҳасининг муҳокамаси қизғин кечиб, депутатларнинг турли хил фикр-мулоҳазалари ва саволларига сабаб бўлган эди.

Жорий йилнинг 9 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари миллий эталонлар базаси, лабораториялар фаолияти билан яқиндан танишишган ҳолда иккинчи ўқишга тайёрланаётган лойиҳани экспертлар ва мутахассислар билан муҳокама қилиш мақсадида “Ўзстандарт” агентлигининг Ўзбекистон миллий метрология институтида бўлдилар.

Шунингдек, ташриф давомида депутатлар томонидан қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Жумладан, қонун лойҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида биринчи навбатда соҳада хусусий секторнинг ривожланишига ҳамда республикада ўтказилган ўлчашларнинг халқаро даражада эътироф этилишига алоҳида эътибор қаратилиши лозимлиги таъкидланди.

Тадбирда билдирилган шу ва бошқа маълумотлардан келиб чиқиб, депутатлар ва соҳа мутахассислари томонидан қонун лойиҳасининг айрим нормалари, жумладан, янги иш ўринлари яратишга, сифат инфратузилмасини халқаро тамойиллар асосида ривожлантиришга, кўрсатилаётган метрологик хизматлар сифатини оширишга ва жараёнлар шаффофлигини таъминлашга қаратилган меъёрларини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор таклифлар берилди.

Муҳокама якунида ишчи гуруҳи томонидан ушбу таклиф ва мулоҳазаларни умумлаштириб, қонун лойиҳасида акс эттиришга келишиб олинди.