Тил ҳақида сўзлаганда ҳар бир миллатнинг маънавий бойлиги эканлигини таъкидлаш керак

Бу дегани ҳар бир миллатнинг фарзанди, етакчилари, зиёли ва олимлари – барча бирдек ота-боболарининг моддий ва маънавий бойлигининг меросхўридир.

Бу дегани ҳар бир миллатнинг фарзанди, етакчилари, зиёли ва олимлари – барча бирдек ота-боболарининг моддий ва маънавий бойлигининг меросхўридир.

Шунинг учун ҳам уни кўз қорачиғидек асраши керак, авайлаши шарт. Керак бўлса, у хоҳ иқтисодчи, хоҳ сиёсатчи, ижодкор ёки ҳуқуқшунос бўлсин, барча бирдек, ўз илми, заковати билан миллий қадриятлар, урф одатлар ва миллий тилини юқори кўтаришга ҳаракат қилиши керак, бу йўлда чарчамаслиги зарур.

Юртнинг ҳар бир фуқароси виждон амри билан, ўзининг жонкуярлиги билан миллий қадриятлар калити бўлган миллий тилини тараққий эттириши керак ва бу фақатгина байрамларда эмас, балки бутун ҳаёт давомида амалга ошиши керак.

«Миллий тилни йўқотмак, миллатнинг руҳини йўқотмакдур», деган эди миллат равнақи йўлида жон куйдирган бобомиз Абдулла Авлоний. Бугун биз ҳам шундай жонкуярлик билан фаолият олиб боришимиз керак.

Бу борада шахсан Президентимизнинг тилимизни қадрлашга бўлган ҳаракатлари ва жонкуярлиги бизга ўрнак бўлиши керак. Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида она тилимизга ҳурмат, уни ривожлантириш, давлат идораларида айнан она тилида иш юритиш билан боғлиқ жиддий масала кўпчиликни қувонтирди.

Хабарингиз борки, Республикамиз Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони эълон қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида «Давлат тилини ривожлантириш департаменти» ташкил этилди ва унинг аниқ вазифалари белгилаб берилди. Давлат тилини ривожлантириш жараёни янги босқичга чиқди.

«Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг 9-моддасига кўра, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш давлат тилида юритилади ва заруриятга қараб бошқа тилларга таржима қилинади.

Шу билан бирга, ушбу қонуннинг 10-моддасига кўра корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш давлат тилида, ишловчиларининг кўпчилиги ўзбек тилини билмайдиган жамоаларда эса, давлат тили билан бир қаторда бошқа тилларда ҳам амалга оширилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган. Бу борадаги ишлар Ўзбекистон миллий метрология институти ва унинг ҳудудлардаги 16 та филиалларида ҳам бирдек амалга оширилмоқда.

ЎзММИ ва унинг филиалларига қарашли барча ташқи ёзувлар, лавҳалар, эълонлар, реклама ва бошқа кўргазмали ахборот – реклама матнлари давлат тили тўғрисидаги Қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлиши таъминланган.

Маъруфжон Джалилов

Ўзбекистон миллий метрология институти

директори ўринбосари