Матбуот анжумани ўтказилди

“Ўзстандарт” агенлиги ва тизим корхонаси Ўзбекистон миллий метрология институтининг мутасадди раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

Ўзбекистон миллий матбуот марказида ташкил этилган навбатдаги анжуман “Метрология: соф ўлчашлар тараққиёт кафолатидир” деб номланди. Бугунги кунда турмушда фойдаланиладиган ҳар қандай нарсанинг аниқ ўлчами, уларни ўлчайдиган асбоб–ускуналар мавжуд. Ўлчашларни тўғри амалга ошириш эса аниқ ҳисоб-китобларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Ўлчашлар ҳақиқий қийматини аниқлаш учун ўлчаш воситасининг ўзи аниқ ва тўғри қийматларни кўрсатиши лозим. Бу борада Республикамизда метрология хизматларини кўрсатиш йилдан йилга ривожланиб бормоқда. Соҳада шунга яраша қонуний асослар ҳам амалиётга татбиқ этилмоқда.

Жорий йилнинг 7-апрель куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Метрология тўғрисида”ги (янги таҳрирда) Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган эди. Мазкур қонунинг 13-моддасида Ўзбекистон Республикасида ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга доир норматив ҳужжатлар сифатида ўлчашларни бажариш, ўлчаш воситаларини қиёслашдан ўтказиш, синов воситаларини метрологик аттестациядан ўтказиш ва ўлчаш воситаларини калибрлаш услубиётлари белгилаб қўйилган.

Куни кеча Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида метрология хизматлари кўрсатиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ушбу жараёнларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Ушбу мавзулар доирасида бўлиб ўтган савол ва жавоблар давомида журналистлар кенг қамровли тушунчаларга эга бўлишди.

 

Матбуот хизмати