Аҳоли учун муҳим қулайлик

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 августдаги “Юридик ва жисмоний шахсларнинг электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагичларни) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 698-сон қарорига асосан, энерго ресурсларни (электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни) ҳисобга олиш ускунасини ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилиши белгиланган.

Ушбу қарор бўйича электр, газ, иссиқ ва совуқ сув ўлчаш воситалари метрология хизмати кўрсатиш корхонаси Ўзбекистон миллий метрология институти томонидан қиёслашдан ўтказилади.

Ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш учун ечиб олиш ва қиёслаш ишлари якунлангандан сўнг жойига ўрнатиш ишлари фақатгина таъминотчи корхоналар томонидан истеъмолчи билан келишилган вақтда, унинг иштирокида тегишли далолатнома тузган ҳолда бажарилади.

Диққат қилинг, хонадон эгаси уйдаги ўлчаш восита (ҳисоблагич)ларини ечиб олиш, метрология хизматига тақдим этиш ва қайта ўз ўрнига ўрнатиш ташвишларидан озод қилинган. Барча ҳаракатлар истеъмолчининг биргина мурожаати ва белгиланган тўлови асосида тегишли корхона ва муассасалар ходимлари томонидан амалга оширилади.

Электр энергия бўйича — Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси

Табиий газ бўйича — Ҳудудий газ таъминоти ташкилотлари

Сув бўйича — Ичимлик ва иссиқ сув таъминотчи корхоналар

Ҳисоблагичларни қиёслашлараро даврийлиги

  • Жисмоний шахслар учун — 8 йил;
  • Юридик шахслар учун — 4 йилни ташкил этади.

(Эслатиб ўтамиз: ҳисобга олиш ускуналарига 2019 йил 1 ноябрга қадар расмийлаштирилган қиёслаш сертификатларининг амал қилиш муддати ўз кучида қолади).

Юқорида қайд этилган қарор ижросини таъминлаш мақсадида мурожаатлар билан ишлаш учун metrologiya.nim.uz дастурий таъминоти яратилган. Айни дамда дастурий таъминот Ягона интерактив давлат хизматлари порталига интеграция қилинган бўлиб, ушбу тизимидан мурожаатлар келиб тушмоқда.

Истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида ушбу дастурий таъминотга янги функция қўшилди. Ушбу функция ёрдамида қиёслаш учун ариза берган истеъмолчи ўзиниг махсус ID рақамини киритиш орқали метрологик хизмат кўрсатиш ишлари қандай статусда эканлиги ёки хулосасини олиши мумкин.

Хозирда ушбу функциядан кўпгина истемолчилар ҳамда таъминотчилар мунтазам фойдаланиб келмоқда.

Янги дастурий таъминот ёрдамида ҳисоблагичлар учун расмийлаштирилган сертификат ёки хабарномалар электрон шаклда базада сақланган холда расмийлаштирилмоқда.

Бу эса ўз навбатида,

  • Аҳоли учун қулайлик
  • Расмийлаштирилган сертификат ёки хабарномани сохталаштиришни олдини олиш
  • Расмийлаштирилган сертификат ёки хабарномани исталган вақтда интернет ёрдамида базадан олиш
  • Йўқолган сертификат ёки хабарномаларни осонгина юклаб олиш имкониятларини беради.

Истеъмолчиларга қулайлик мақсадида ҳисоблагичларни давлат метрологик қиёсловидан ўтказилгандан сўнг расмийлаштирилган электрон шаклдаги сертификат ёки хабарнома аслига тўғрилигини текшириш ва ишонч ҳосил қилиш учун махсус QR-код тизими йўлга қўйилган.

Махсус QR-коддан фойдаланиш учун истеъмолчи ўз телефони ёрдамида тўртбурчак шаклдаги QR-кодни сканерласа кифоя.

 Матбуот хизмати