“Ўзстандарт” агентлиги Бош директорининг “Метрология текширувидан ўтказилиши лозим бўлган ўлчов воситалари туркумларининг рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”

Ўзбекистон Республикасининг “Метрология тўғрисида”ги Конуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги ПК-4059-сон “Техник жихатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлаытириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофик “Ўзстандарт” агентлиги Бош директорининг “Метрология текширувидан ўтказилиши лозим бўлган ўлчов воситалари туркумларининг рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2019 йил 12 июлдаги 91-сон буйруғи Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 3174-сон билан жорий йилнинг 30 июль куни рўйхатга олинди.

Маълумот учун: Ушбу ҳужжат билан ҳозирда амалда бўлган “Текширувдан (қиёслашдан) ўтказилиши лозим бўлган ўлчаш воситалари туркумларининг рўйхатини тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи (рўйхат рақами 2782, 2016 йил 4 май) ҳамда шу ҳужжатга киритилган (рўйхат рақами 2782-1, 2017 йил 22 август) ўзгартириш ўз кучини йўқотган деб топилади ва янги рўйхат тасдиқланади.

Рўйхат ишлаб чиқиш жараёнида Евро-Осиё давлат метрологик муассасалари ҳамкорлиги ташкилотига аъзо Германия, Беларуссия, Россия, Қозоғистон каби мамлакатлар тажрибаси ўрганилди. Хорижий тажриба ва белгиланган халқаро тавсиялар асосида олиб борилган тадқиқотлар натижасида бир қатор ўлчов воситалар туркумларининг метрология текширувидан ўтказиш интерваллари узайтирилди, бу ўз ўрнида ўлчов воситаларидан фойдаланувчи синов ва калибрлаш лабораториялари, ишлаб чиқарувчилар ҳамда бошқа манфаатдор томонларга бир қанча қулайликлар яратади.

Амалдаги рўйхатни амалиётда қўллаш тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, янги рўйхатда қуйидаги ўзгаришлар мавжуд:

– амалдаги рўйхатда 366 та ўлчов воситалари туркуми мавжуд, янги қабул қилинган рўйхатда уларнинг сони 315 тани ташкил қилади;

– рўйхатда келтирилган ўлчов воситаларининг, метрология текшируви аризачининг мурожаатига асосан калибрлаш орқали амалга ошириш имконияти яратилди;

– бирламчи қиёслашдан ўтказилган ўлчамли шиша идишлар ва қум соатлар даврий метрология текширувдан ихтиёрий равишда аризачининг мурожаати асосида ўтказилиши белгиланди;

– маънан эскирган ва ҳозирги кунда ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлаш тизимида фойдаланилмайдиган ўлчов воситалари рўйхатдан чиқарилди.

Янги рўйхатни тадбиқ этилиши мамлакатимизда ўлчаш натижаларини метрологик кузатувчанлигини таминлаш ва уларни халқаро эътироф этилиши йўлидаги босқичлардан бири ҳисобланади.