Ўзбекистон миллий метрология институти ходими халқаро танлов ғолиби

Ўзбекистон миллий метрология институти ходими Жавоҳир Носиров BIPM (Халқаро ўлчов ва тарозилар бюроси) ва TUBITAK UME (Туркия миллий метрология институти) ҳамкорлигидаги метрология йўналишида ёш мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш лойиҳасида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Навбатдаги лойиҳа иккинчи цикл ҳисобланиб, унда одатдагидек 10та давлатдан 10 нафар мутахассис иштирок этади. Ж.Носировнинг тақдим этган лойиҳаси “Калибрлаш хизматларини ривожлантириш. Масса бирлиги миллий эталонини тадқиқот қилиш” деб номланади. Унда масса ва кичкина ҳажм ўлчаш воситаларини калибрлаш бўйича илмий ва амалий машғулотлар ўтказилади. Кўзланган мақсад эса Республикамизда масса бирлиги миллий эталонидан намунавий ва ишчи ўлчаш воситаларига ишончли метрологик кузатилувчанликни таъминлашга эришишдир.