Ўзбекистон миллий метрология институти халқаро ҳамкорлик доирасида

Куни кеча Германиянинг Федерал физика – техника институти (PTB) вакиллари: лойиҳа координатори Оливер Дитхард ва эксперти Ирен Флоуда билан ЎзММИ директор ўринбосари Нуриддин Раймжонов, институтнинг “Калибрлаш ва қиёслаш хизматлари кўрсатиш маркази” раҳбари Марат Юнусов, “Электр ва магнит катталикларини ўлчаш” бўлими бош мутахассиси Джалалхан Арифхановлар иштирокида “Электр ва магнетизм” мавзусида веб-конференция ўтказилди.

Веб-конференция суҳбат шаклида ўтказилиб, унда электр катталикларни ўлчаш воситаларини калибрлаш масалалари, сифат менеджменти тизими, калибрлашга ўтиш жараёни бўйича ҳал этилиши керак мавзулар ҳақида сўз юритилди.

Ҳозирги кунда электр ва магнит катталикларини ўлчаш бўлими аккредитация доирасида мультиметрларни калибрлаш ваколати борлигини инобатга олиб, шу йўналиш бўйича бажарилиши керак бўлган вазифалар, жумладан, мутахассислар билан мультиметрларни калибрлаш бўйича тренинг ўтказиш, калибрлашга тегишли бўлган процедуралар – жараёнларни халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш яъни, валидация қилиш, ишчи эталонларини калибрлашдан ўтказиш ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.

Федерал физика – техника институти вакиллари калибрлаш ишлари бўйича белгиланган талабларга асосан амалга оширилиши керак бўлган вазифалар юзасидан ўзларининг маслаҳатларини беришди. Шунингдек, калибрлаш жараёнлари бўйича меъёрий ҳужжатларни экспертизадан ўтказиб беришларини таклиф қилишди.

Суҳбат давомида навбатдаги веб-коференция 15-май куни ўтказилиши келишиб олинди.

Матбуот хизмати