Ўлчаш воситалари турини тасдиқлаш мақсадида синовдан ўтказиш нима учун керак?

Ўлчаш воситалари турини тасдиқлаш мамлакатда ўлчашлар бирлилигини таъминлаш, меъёрий ҳужжатларда белгиланган талабларга мос ўлчаш воситаларини ишлаб чиқаришга қўйиш ва муомалага чиқариш мақсадида ўтказилади.

Ўлчаш воситаларини синовдан ўтказиш Республикага тўплаб олиб кирилганда ёки, “Метрология тўғрисида”ги Қонуннинг 14 моддасида кўрсатилган давлат метрологик текшируви ва назорати татбиқ этилиш доирасида қўлланиши мумкин бўлган ўлчаш воситаларини, OzDst8.009:2004 меъёрий ҳужжатга мувофиқ республикада ишлаб чиқаришда амалга оширилади.

Ўлчаш воситаларини уларнинг турини тасдиқлаш мақсадида синовдан ўтказиш вақтида ўлчаш воситалари техник ҳужжатларининг ва техник тавсифларининг  техник топшириқ, техник шартлар ҳамда уларга тааллуқли бўлган, ўлчаш воситаларини қиёслаш усулиятларини ўз ичига оладиган меъёрий ва фойдаланиш ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги текширилади. Синовларнинг ижобий натижалари ўлчаш воситаларини турини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилиш учун асос бўлади. Қарор уларнинг турини тасдиқлаш тўғрисидаги сертификат билан тасдиқланади.

Турини тасдиқлаш тўғрисида сертификат берилган ўлчаш воситалари Давлат реестрининг “Тасдиқланган турдаги ўлчаш воситалари” бўлимида рўйхатга олиниши лозим.

Ўлчаш воситаларини уларнинг турини тасдиқлаш мақсадида синовдан ўтказиш дастур бўйича амалга оширилади. Синовларга ариза берувчи:

– ўлчаш воситаларининг намунаси (намуналари);

– турни синаш дастури;

– ишлаб чиқувчи ташкилот раҳбари томонидан имзоланган техник шартлар (агар уларнинг ишлаб чиқилиши кўзда тутилган бўлса);

– фойдаланиш ҳужжатлари;

– тақдим этилаётган ўлчаш воситасига илова қилинадиган, ишлаб чиқарувчи фирманинг ҳужжатлар тўплами, рус тилидаги таржимаси билан;

– фойдаланиш ҳужжатларида “Қиёслаш усулияти” бўлими мавжуд бўлмаган ҳолда, қиёслаш бўйича меъёрий ҳужжат;

– тур таърифи 13×18 ёки 18х24 умумий кўринишдаги 3 нусха сурат билан;

– тур таърифини очиқ нашрда чоп этиш мумкинлиги ҳақида ишлаб чиқарувчи ташкилотнинг ҳужжатини тақдим этади.

“ЎзММИ” ДК импорт бўйича олиб кириладиган ва Ўзбекистон Республикасида чиқариладиган ўлчаш воситаларини уларнинг турини тасдиқлаш мақсадида давлат синовларидан ўтказиш ва Ўлчаш воситалари давлат реестрига киритиш бўйича хизматлар кўрсатади.